gffffff

Ризқ-рўзимиз бўлган пахтани нест-нобуд қилмасдан, ёғин-сочин кунларга қолдирмасдан териб олишда Сизнинг ҳиссангиз беқиёсдир.

Агарда 1 метр эгатда терилмаган бир чигит 2,3 грамм пахта бўлса,

100 метрда – 230 грамм,

1 гектар майдонда – 23 килограмм,

1000 гектарда – 23 тонна,

10 000 гектарда – 230 тонна ҳосил мавжуд бўлади.

Вилоятимизда 33,288 гектар ерда 765 тонна пахта, яъни 2 миллиард 603 миллион сўм маблағ хомашёси тупроққа қоришиб, нобуд бўлади.

Машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган пахта хомашёсининг бир граммини ҳам увол қилмасдан йиғиб олиш ҳар биримизнинг виждон амримиз бўлсин!

Сизга, азму шижоатингизга, бу ишга виждонан ёндашишингизга ишонамиз!

Вилоят фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари уюшмаси.

1 га асосий суратЎтган ҳафта охирида “Ниҳол” тантаналар уйида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан туманимизда фаолият олиб бораётган шарафли касб эгалари учун байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким ўринбосари Э. Кенжаев йиғилганларга туман ҳокими Ф. Умаровнинг табригини ўқиб эшиттирар экан, бугун мамлакатимизда эртамиз эгаларига таълим-тарбия бериб, уларнинг баркамол улғайишлари учун ўз ҳаловатидан кечиб ишлаётган ўқитувчи ва мураббийларга юксак эътибор қаратилаётгани хусусида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг касб байрами муносабати билан самарали меҳнатлари ҳамда эришган ютуқлари туфайли ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига туман ҳокимининг “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари топширилди.

— Ҳар бир инсон қилган меҳнатларининг мевасини кўришни истайди. Бугун фаолиятим эътиборга олиниб, туман ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи”га лойиқ кўрилганлигим қувончимга қувонч қўшди. Бундан кейин ҳам мактабимиз ўқувчилари ўртасида китобхонликни ошириш учун бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан, — дейди 6-умумий ўрта таълим мактаби кутубхоначиси Олима Эгамова.

Тадбирда туманимиз ва республикамизда таниқли бўлган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Мадина ЯКУБОВА.

Сурат муаллифи

Сирож АСЛОНОВ.

04.10.2018

4 га таниқли ижодкорлар14-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов бошчилигидаги “Замон нафаси” театр студияси воҳамизда ижодий сафарда бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорликда ташкил этилган мазкур учрашувларда Навоий шаҳри ҳамда Кармана тумани маҳаллаларидаги уюшмаган ёшлар, махсус рўйхатдан чиқарилган шахслар ва эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, таълим муассасаларидаги ўқувчилар ва ҳарбий хизматчилар қамраб олинди.

Ижодий кечаларда театр студиясининг иқтидорли актёрлари ижросидаги келажак авлод тарбиясини мустаҳкамлашни тарғиб қилувчи саҳна кўринишлари барчанинг эътиборини тортди.

– Театр азал-азалдан тарбия ўчоғи ҳисобланади, ­— дейди санъаткор, сўз устаси Воҳиджон Зоидов.­ — У орқали инсонларга ҳаётий камчиликлар, нуқсонлар ҳам юмор, ҳам сатира орқали бетакрор тарзда етказилиб берилади. Шунингдек, биз бугунги ташрифимиз билан ёшлар онгида ёт ғояларга, кераксиз ўй-хаёлларга қарши иммунитетни шакллантиришда ўзимизнинг санъатимиз билан куч топишида кўмак бермоқдамиз.

Театр намойишларида жами 2 минг нафарга яқин аҳоли қатнашди.

Зайфиддин ЭСАНОВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши бўлим мудири.

27.09.2018

184052 originalКармана тумани ҳокими Фахритдин УМАРОВнинг

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами

муносабати билан соҳа ходимларига

Т А Б Р И Г И

Қадрли устозлар, мураббий ва ўқитувчилар!

Аввало, сизларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Албатта, ҳар бир инсон ўсиб-улғайиб, бирор касбни эгаллар экан, қўлига илк бор қалам тутқазган, унга билим ва тарбия берган устозлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди.

Шу боис, ўзининг кўз нури, қалб қўрини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатлари олдида ҳамиша таъзимдамиз.

Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор, устоз-мураббийлар меҳнатини юксак қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари, кенг шарт-шароитлар бугун барчамизни, айниқса, устозларимизни янгидан-янги марраларга даъват этмоқда.

Ўтган ўқув йили якунлари ҳақида фикр юритар эканмиз, аввало, туманимиз таълим муассасалари томонидан бир қатор йўналишлар бўйича улкан ютуқларга эришилгани, ўқувчилар билим самарадорлигини ошириш ҳисобидан юқори натижалар қўлга киритилганлигини мамнуният билан эътироф этиш жоиз. Жумладан, “Билимлар беллашуви”нинг вилоят, республика босқичларида туманимиз ўқувчилари фахрли ўринларни қўлга киритишди.

Юртимизда яратилган ноёб имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда илм-фан чўққиларини забт этиб, она-Ватанимизга садоқатли, муносиб фарзандлар бўлиб улғаяётган ёшларимизнинг камолотини кўриш ҳар биримизга қувонч бағишлайди.

Бугунги кунда туманимизнинг минглаб ёшлари янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 32 та умумий ўрта таълим мактабида, 4 та ўртамахсус касб-ҳунар коллежида билим ва тарбия олиб, турли спорт ва фан олимпиадаларида ўз салоҳиятларини намойиш қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳар бир ютуғи ортида, албатта, сиз азизларнинг машаққатли меҳнатингиз бор.

Азиз устозлар!

Барчамизга маълумки, бугунги тезкор даврда ёшлар онгига таъсир қилувчи кўплаб омиллар, ёт ғоялар мавжуд. Ҳозир бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалбини эгаллаш учун қандай кескин кураш бораётгани, халқаро терроризм ва экстремизм бўладими, гиёҳвандлик ёки “оммавий маданият” кўринишлари бўладими, бу каби қабиҳликлар учун катта миқдорда маблағлар сарфланаётгани, ҳар хил таъсир йўллари ишлаб чиқилаётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Бу каби таҳликалар таълим-тарбия муассасаларининг ота-оналар, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар жамоатчилиги, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Албатта, бу борада бажарилган ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Ишонамизки, сиз ўз ишингизга масъулият билан, виждонан ёндошиш орқали ёшлар онгини бузишга қаратилган бундай ҳаракатларга жавобан ҳар бир бола қалбида маънавий иммунитет шакллантира оласиз. Шубҳасиз, бунга имкониятингиз ҳам, куч-ғайратингиз ҳам етади.

Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!

Бугун мамлакатимизда мисли кўрилмаган бун­ёдкорликлар, ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Ҳар йили Мустақиллик байрами олдидан бунёдкор халқимиз томонидан янгидан барпо этилган иншоотлар фойдаланишга топширилиши анъанага айланган. Яқиндагина истиқлолимизнинг 27 йиллигини кенг нишонладик. Шундай шукуҳли кунларда туманимизнинг “Кумушкон” маҳалласида 32-умумий ўрта таълим мактаби иш бошлаганлигини мамнуният билан айтиб ўтиш лозим.

Қисқа фурсатларда қарийб 3,5 миллиард сўм маблағ эвазига 315 ўринли янги илм маскани барпо этилди ҳамда замонавий таълим жиҳозлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастури асосида 9-, 16-, 22-, 23-, 24-, 26- ва 29-умумий ўрта таълим мактабларимиз тўлиқ қайта таъмирланди.

Бу каби хайрли ишлар келгуси йил ҳам давом этади.

Муҳтарам устозлар!

Дунёдаги энг шарафли ва машаққатли касб эгаси бўлган сиз азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Шарафли касбингиз ортидан ҳамиша шогирдлар ва эл-юрт ардоғида бўлинг!

Байрамингиз муборак бўлсин!

27.09.2018

DSC 2465Кўхна ва азим Шаҳрисабз. Азалдан бу гўзал маскан санъат соҳасининг бешиги саналган. Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар давридан бошлаб маданият ва санъат ривож топган бетакрор замин...

Асрлар ўтибдики, бу маскан ўз тарихий аҳамиятини йўқотмаган, аксинча, авлодлар учун доимо азиз ва қадрли бўлиб қолмоқда. Ҳаммамизга маълум, миллий мақом санъати қадимий тарихи ва бой ижодий анъаналари билан халқимиз маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Биргина “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани санъатнинг ушбу ноёб тури дунё миқёсида тан олинганининг яққол намунасидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган  “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Шаҳрисабз шаҳри узра миллий мақом санъатимиз намуналари баралла янгради. Жорий йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади:

— Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашмоқда. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар борлиги барчамизга катта мамнуният бағишлайди, — деди Президентимиз ўз нутқида.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қадим ва навқирон Шаҳрисабзда ўтказилган ушбу анжуманда миллий мумтоз санъатимиз жозибаси ўзгача талқинда намойиш қилинди. Хусусан, ҳар бир вилоят вакиллари учун алоҳида саҳна ажратилиб, улар ҳудудининг тарихи, анъаналарини ўзида жамлаган ҳолда безатилди.

Ана шу нуфузли анжуманда вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги ҳамда “Фарҳод”, ”Ширин” маданият саройларидаги бадиий-жамоалар ўз репертуарлари билан иштирок этишди. Қувонарлиси, кўплаб хорижий давлат вакиллари иштирок этган мазкур маданий тадбирда нафақат вилоятимиздан, балки туманимиздан ҳам санъат аҳли вакиллари қатнашди.

— Авваламбор, ушбу тантанали тадбирда иштирок этганимдан бошим кўкка етди, — дейди тумандошмиз, “Ниҳол” мукофоти совриндори Шерзод Шодиев. — Вилоятимиз ижод аҳли учун ажратилган махсус саҳнада кўҳна Карманадан тортиб Нурота чашмаси-ю, Сармишсойнинг тарихий тошбитикларини ўзида акс эттирганлиги кўзни қувонтирди. Фестиваль хорижий сайёҳларда ҳам катта таассурот қолдирди. Мумтоз наволар сеҳри миллат маънавиятининг боқийлигини таъминловчи ана шундай буюк қудратга эга омил эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Тўғрисини айтсам, фестивалнинг шукуҳи мени ҳали ҳам тарк этгани йўқ.

Дарҳақиқат, анжуман доирасидаги тадбирларда буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ижодига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Навоий сиймосини жонлантириш, унинг ғазалларига басталанган кўй-қўшиқлар нафақат вилоятимиз, балки барча қатнашчилар репертуаридан жой олганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Янада қувонарлиси, Маданият вазирлиги томонидан анжуманда иштирок этиш учун 85 давлат мурожаат этганлиги ва шулардан 70 га яқини танлаб олинганлиги бўлди. Шуни таъкидлаш жоизки, 40 тадан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситалари анжуманни тўғридан-тўғри ўз юртига жонли узатиш истагини билдиришган.

Мазкур нуфузли анжуманнинг ўзбек миллий мақом санъатини кенг миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни мумтоз куй-қўшиқларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни беқиёс. Ушбу фестиваль дунёда мумтоз мусиқа шайдоларини бир жойга жамлаш орқали халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этганлигига асло шубҳа йўқ.

Мадина ЯКУБОВА.

27.09.2018